Газон экиш экологик хатоми?
Тошкент кўчаларида янги йўл, хиёбон ёки турар жой мажмуаси қурилиши билан атрофига албатта газон экилади. Йиллар давомида бу ҳолат шу қадар одатий тус олдики, гўё шаҳарсозликнинг ажралмас қисмига айлангандек.
Охирги кунларда экологлар томонидан бутазорлар, маҳаллий ва дала гулларидан иборат табиийроқ ландшафтлар анча фойдалироқ бўлиши таъкидланмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, бир гектар майдонга уруғли газон экиш ва уни парваришлаш учун ўртача 160–220 миллион сўм атрофида маблағ сарфланиши мумкин. Бу фақат дастлабки харажат. Кейинчалик мунтазам суғориш, ўғитлаш, ўриш ва парвариш ишлари ҳам қўшимча маблағ талаб қилади. Газонлар шаҳар манзарасини тартибли ва эстетик кўрсатиши мумкин. Бироқ бу биохилма-хилликни камайтиради. У ерда асаларилар, капалаклар ва бошқа чанглатувчи ҳашаротлар учун деярли озуқа манбаи мавжуд бўлмагани учун шаҳарда экотизим бузилади.
Бугунги кунда эса кўплаб экологлар ва ландшафт мутахассислари газонларга муқобил сифатида маҳаллий ўсимликлар, бутазорлар ва ёввойи гуллардан иборат табиий ландшафтларни тавсия қилмоқда. Бундай ҳудудлар нафақат биологик хилма-хилликни сақлайди, балки уни бойитади ҳам. Асаларилар ва капалаклар кўпаяди, улар ортидан қушлар келади, озуқа занжири тиклана бошлайди. Бу эса шаҳар экологиясининг яхшилашга хизмат қилади. Муҳими, бундай яшил ҳудудлар кўпинча камроқ сув талаб қилади.
Европанинг қатор шаҳарларида сўнгги йилларда “Wildflower meadow” — ёввойи гуллар ўтлоқларни барпо қилиш кенг жорий этилмоқда. Авваллари мунтазам ўриладиган газонлар ўрнида эндиликда маҳаллий гуллар ва ўсимликлардан иборат табиий ҳудудлар яратилмоқда. Бу нафақат экологик фойда, балки шаҳарларга ўзига хос эстетик қиёфа ҳам бахш этмоқда.
Тошкентда ҳам бундай тажрибанинг айрим намуналарини учратиш мумкин. Жумладан, Яккасарой туманидаги магистрал автобус йўлининг айрим қисмларида маҳаллий ўсимликлар ва дала гуллари экилган йўл қисми мавжуд. Бу жойлардан ўтган одам кўз олдида фақат бир хил яшил гилам эмас, балки ранг-баранг ва табиий манзарани кўради. Энг муҳими, бу ҳудудлар табиат учун анча фойдали.
Афсуски, бундай ташаббуслар ҳануз истисно ҳолат бўлиб қолмоқда. Шаҳар бўйлаб амалга оширилаётган кўплаб ободонлаштириш лойиҳаларида эса эски ёндашув — кенг майдонларни газон билан қоплаш амалиёти давом этмоқда. Бу эса экологик самарадорликдан кўра ташқи кўринишга кўпроқ эътибор қаратилаётганини англатади.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Экология вазирлиги ҳамда шаҳарсозлик билан шуғулланувчи мутасаддилар ушбу масалани қайта кўриб чиқиши мақсадга мувофиқ бўларди. Янги лойиҳаларда маҳаллий ўсимликлар, бутазорлар ва дала гулларидан фойдаланишни кенгайтириш нафақат экологик жиҳатдан фойдали, балки иқтисодий томондан ҳам самаралироқ ечим бўлиши мумкин.
Диёра Равшанова
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0