Давлат тавсияларига қараб қолманг: иссиқларда ўзингиз ҳам эзгу амаллар билан ўрнак бўлинг
Ҳарорат кескин кўтарилган кунларда вазирликлар, ташкилотлар турли тавсиялар берди, чоралар қабул қилди. Давлат қилганини қиляпти, лекин ҳар бир инсон жамиятга фойдаси ҳақида ўйлаши, ибрат бўлиши керак.
Хўш, нима қилмоқ лозим? Ҳаммаси оддий:
* Атрофга ҳушёр бўлинг, тайёр туринг. Кимдир лоҳас бўлаётганини ҳис қилинг, дарров суянчиқ бўлинг. Сув, сояга олиш, елпиш билан ҳам вазиятни ўнглашингиз мумкин;
* Кексаларни, болаларни эҳтиёт қилинг. Кексалар ёлғиз қолмаслиги керак. Болалар эса чўмилишга қочиб кетиши мумкин. Хабардор бўлиб туринг;
* Иссиқда ваҳима қилманг. Юқори ҳарорат олдин ҳам бўлган, бўляпти, яна бўлади. Бу вақтинча дея қабул қилинг. Фақат эътибор бўлинг;
* Қийин шароитда, пулсизликда, зарурат туфайли ишлайдиган танишларингиз бўлса, моддий ёрдам беринг. Масалан ғишт завод ишчилари, новвойлар, мардикорлар бир-икки кун дам олишсин;
* Машинангиз бўлса, иссиқда кўчада турганларни олиб кетинг, узоғини яқин қилинг. Пул олманг, яна топилар;
* Танишларингиз орасида муҳтожлар бор. Кўп. Свет-сув тўловига, еб-ичишга, кўчага чиқишга қийналиб тургандир. Улардан хабар олинг. Муздек ичимликлар оволсангиз, нур устига нур;
* Кимгадир кондиционер ҳадя қилишга имконингиз йўқдир. Лекин битта вентилятор олиб бериш қийин эмас. Бир оила қанчалар қувонади;
* Дўконингиз бўлса, «Эҳсон столи» ташкил қилинг. Мисол учун: 100 та кичик сув, 250-300 минг сўм харажат бўлади. 100 киши ҳайратланади, сизни дуо қилади;
* Ошхоналар бир тақсимча тарвуз, бир пиёла муздек компотни бепул бериб ҳам катта савоб олиши мумкин. Кўпчилик буни йўлга қўйган, кўпроқ тарғиб қилишиз керак;
* Таксичи ака-укалар: машинангизга бирров қараб қўйинг, воситалар билан тозаланг. Ҳидлар ўзингиз билинмаслиги мумкин, лекин чиққан одамга озор бериб қўйишингиз ҳеч гап эмас;
* Жамоат жойларида ўзингизни покиза сақлашингиз билан ҳам ўрнак ёки акс ҳолатга сабабчи бўлишингиз мумкин. Бадандаги «ифорлар» атрофдагилар дарров сезилади;
* Корхона, ташкилотлар раҳбарлари, тушлик пайтида ходимларнинг ярим соатгина дам олиши ёки мизғиб олишига қаршилик қилманг;
* Кўча-куйда мусор ташламанг. Буни фақат иссиқ кунларда эмас, доим ёмон одатга ўрганманг. Ҳарорат юқори бўлганда битта банан пўчоғи билан ҳам атроф-муҳитни бемалол бузиб бериш мумкин. Ундай қилманг;
* Энг муҳими – бу кунлар ҳам синов. Ҳар бир ҳаракатингиз билан фахрланишингиз, ҳар бир лоқайдлигингиз билан нохуш ҳолатга сабабчи бўлишингиз мумкин. Сиз ҳаммага кераксиз!
Аброр Зоҳидов




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0