Дам олиш куни ва келгуси ҳафтада кутилаётган жазирамадан қандай сақланиш керак?
Ўзгидрометга кўра, дам олиш куни ҳамда 13-17 июлда ҳарорат 41-43 даража, шимол, жануб ва чўл ҳудудларида 44-46 даражагача кўтарилади.
Бундай шароитда инсон организми қизиши, сувсизланиши, қон босими ўзгариши, юрак-қон томир тизимига ортиқча юклама тушиши, иссиқ уриши ҳолатлари юзага келиши мумкин.
Шу маънода Соғлиқни сақлаш вазирлиги бўлим бошлиғи Абдуқаюм Тўхтақуловнинг жазирамада саломатликни асрашга оид тавсияларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
• 65 ёшдан ошганлар, чақалоқлар, ёш болалар, ҳомиладор аёллар, юрак-қон томир, қандли диабет, буйрак, нафас йўллари ва бошқа сурункали касалликлари бўлган беморлар, сув ҳайдовчи, аллергияга қарши ёки психотроп моддаларни қабул қилувчилар иссиқликка нисбатан таъсирчан бўлади. Шунинг учун бундай инсонлар томонидан мунтазам хабар олиш керак.
• Кун давомида оз-оздан ва тез-тез сув ичиш зарур. Ёши катталарга 2-3 литр сув ичиш тавсия этилади. Юрак, буйрак касалликлари ва шишга мойиллиги бор беморлар суюқлик миқдорини шифокор тавсиясига асосан белгилаши зарур.
• Енгил, кенг, ҳаво ўтказувчан ва оч рангли кийимлар кийиш тавсия этилади. Пахта, зиғир каби табиий асосли матолар тананинг нафас олишига ёрдам беради ва тери орқали буғланишни енгиллаштиради.
• Кўчага чиққанда кенг қиррали бош кийим, қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак ва зарур ҳолларда қуёшдан ҳимояловчи кремлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
• Оғир, ёғли, қовурилган, аччиқ ва ҳазм бўлиши қийин овқатлар организмга ортиқча юклама беради. Шунинг учун сабзавотли салатлар, енгил шўрвалар, қатиқ, айрон, творог, тухум, товуқ ёки балиқ гўшти ва мевалар истеъмол қилиш тавсия этилади. Кун давомида 5-6 марта оз-оздан овқатланиш мақсадга мувофиқ.
• Тахминан соат 11:00дан 17:00 гача очиқ қуёш остида юришни чеклаш керак. Зарур ишларни эрталаб ёки кечки салқин вақтларга қолдириш мақсадга мувофиқ. Агар кўчага чиқиш зарур бўлса, соя йўлаклардан юриш, бош кийим кийиш, ёнингизда сув олиб юриш ва 15-20 дақиқада оз-оздан сув ичиш зарур.
• Ҳеч қачон болаларни, кексаларни ёки ҳайвонларни автомобиль ичида ёлғиз қолдирманг. Қуёш остида турган автомобиль ичида ҳарорат бир неча дақиқада ҳаёт учун хавфли даражага кўтарилиши мумкин.
• Хавфли белгилар пайдо бўлганда тез тиббий ёрдамга мурожаат қилинг.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0