+31C

+31C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Бюджет очиқлиги қаерда қолди?

Давлат бошқарувида очиқлик ва шаффофлик – жамоатчилик ишончининг асосий мезони. Айниқса, маҳаллий ҳокимликлар қабул қилаётган қарор ва фармойишларнинг ошкор этилиши фуқароларга бюджет маблағлари қаерга ва қандай сарфланаётганини кузатиш имконини беради.
81 16:40 | 01.08.2026 16:40


Бироқ мавжуд вазият аҳолида жиддий саволларни келтириб чиқаряпти. Жорий йилнинг биринчи ярмида маҳаллий ҳокимликлар қарийб 85 мингта ҳужжат қабул қилган. Шундан 60 минг 749 таси, яъни 71,5 фоизи очиқланган. Қолган 24 минг 241 та ҳужжат, яъни умумий ҳужжатларнинг 28,5 фоизи жамоатчилик учун ёпиқ қолган.


Бир қарашда, қарорларнинг асосий қисми очиқлангани ижобий кўрсаткичдек туюлади. Аммо ҳар учта ҳужжатдан биттасининг жамоатчиликдан яширилиши масаланинг хавотирли томони борлигидан далолат беради.


Агар ҳужжатлар мазмуни ва уларни ошкор қилмаслик сабаблари ҳақида аниқ тушунтириш берилмас экан, бу ҳолат жамоатчиликда турли шубҳа ва эътирозларни пайдо қилиши тайин. Ҳудудлар кесимида аҳвол янада ташвишли.


Навоий вилоятида ёпиқ ҳужжатлар улуши 45 фоизга етган. Жиззах вилоятида эса бу кўрсаткич 24 фоизни ташкил этган. Бу рақамлар айрим ҳудудларда очиқлик масаласи тасодифий камчиликдан тизимли муаммога айланаётганини кўрсатади.


Коррупцияга қарши курашиш агентлиги таҳлилларида фойдаланилиши қонун билан чекланган маълумотлар мавжуд бўлмаган 692 та молия­вий ҳужжат асоссиз равишда ёпиқ қолдирилгани аниқланган. Уларда жами 1,5 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилиши назарда тутилган.


Шундан:


– 861,3 миллиард сўм қурилиш ишларига;


– 296,5 миллиард сўм товар ва хизматлар харидига;


– 56 миллиард сўм байрам тадбирлари ва совғаларга;


– 10,7 миллиард сўм хизмат сафарлари ва меҳмонларни қабул қилишга йўналтирилган.


Гап биргина платформада кўринмай қолган ҳужжатлар ҳақида кетаётгани йўқ. Ушбу маблағлар ортида қуриладиган объект, танланадиган пудратчи, харид қилинадиган товар ва сарфланадиган халқ пули турибди. Қурилишга юзлаб миллиард сўм ажратилса, аҳоли маблағ қайси объектга, қайси пудратчига ва қандай тартиб асосида берилганини билишга ҳақли. Товар ва хизматлар хариди, байрамлар, совғалар ҳамда хизмат сафарлари учун ажратиладиган маблағлар ҳам жамоатчилик назоратидан четда қолмаслиги керак. Зеро, очиқ маълумотлар давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтиради, бюджет маблағларининг манзилли сарфланишига хизмат қилади ва коррупция хавфини камайтиради.


Бюджет маблағи ажратилишига оид қарорларда маблағ миқдори, мақсади, олувчи ташкилот, пудратчи, харид усули ва ижро муддати очиқ кўрсатилиши лозим. Ҳудудлар бўйича очиқ ва ёпиқ қарорлар улушини акс эттирувчи доимий рейтинг ҳам ҳокимликлар масъулиятини оширган бўлар эди. Давлат маблағи – халқнинг пули. Солиқ тўловчи фуқаро унинг қаерга ва қандай сарфланаётганини кузатиш, савол бериш ва ҳисоб талаб қилиш ҳуқуқига ҳам эга. Халқ пули сарфланаётган жойда асоссиз ёпиқликка ўрин қолмаслиги керак!


Анваржон ҲАЛИМОВ «ISHONCH»


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид