Балиқчилик соҳасида янги марказ, имтиёзли кредитлар ва халқаро факультет очилади
Президентнинг ПФ–122-сонли фармонига мувофиқ, Ўзбекистонда Сув хўжалиги вазирлиги ҳузурида Балиқчиликни ривожлантириш маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилади. Марказ соҳадаги лойиҳаларни мувофиқлаштириш, сув таъминотини режалаштириш ва балиқчилик хўжаликларини қўллаб-қувватлаш билан шуғулланади.
Фармонга кўра, сунъий сув ҳавзаларида фаолият юритувчи балиқчилик хўжаликлари кафолатланган сув билан таъминланади. Бунинг учун ҳар йили сувга бўлган эҳтиёж шакллантирилиб, сув олиш лимитлари тасдиқланади.
2026 йил 1 августдан 2030 йил 31 августга қадар балиқчилик соҳасидаги тадбиркорларга давлат томонидан қатор молиявий имтиёзлар берилади. Жумладан, кредит фоизларининг бир қисми қоплаб берилади, кредитларнинг 50 фоизигача (10 миллиард сўм эквивалентидан ошмаган миқдорда) кафиллик тақдим этилади. Шунингдек, халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан йиллик 18 фоиз ставкада, 9 ойлик имтиёзли даврга эга 24 ойгача муддатли кредитлар ажратилади.
Марказ ҳузурида Балиқчиликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади. 2027 йил 1 майга қадар сув ресурслари, балиқ етиштириш ҳажми, озуқа сарфи ва технологиялар ҳисобини юритувчи «e-baliq» электрон платформаси ишга туширилади.
Шунингдек, 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат аграр университети ҳамда Хитойнинг Далиян университети билан ҳамкорликда балиқчилик ва аквакультура бўйича қўшма факультет очилади. Унда ҳар йили 50 нафаргача талаба давлат гранти асосида қабул қилиниб, таълим «2+1» шаклида ташкил этилади.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0