Қайси ташкилотда иш битиши қийин?
“Чорбоғ маҳалласига газ баллон қачон келади?”
“Бахт МФЙга-чи?”
“Чўнгбоғич маҳалласидаги товуқ фермадан чиқаётган бадбўй ҳидга чидаб бўлмаяпти. Чора кўрасизларми, йўқми?”
“Ишсизман, шароитим оғир, бола пули учун топширган аризаларим нега рад қилиняпти? Қатор-қатор машиналари бор қўшним оляпти-ку?! Ким ўрганади буни?”
“Туман тозалов раҳбари! Юксалиш МФЙга ахлат машина жўнатаман деб ваъда берганизга уч ҳафта бўлди. Ваъдангизда турмайсизми? Кўчалар қоп-қоп чиқиндига тўлди-ку?!”
Айни саволлар Андижон тумани аҳолиси мурожаатлари учун маҳаллий ҳокимлик томонидан очилган телеграм гуруҳдаги ёзишмалардан бир шингили. Бу ердаги мурожаатлар оқимини кузатсангиз, бошингиз ғовлаб кетиши ҳеч гап эмас. Ҳар беш дақиқада камида битта жиддий савол, муаммо-масала бор. Гуруҳни 15 мингга яқин фуқаро, жумладан, ҳокимдан тортиб ҳудуддаги катта-кичик раҳбарлар, маҳалла вакиллари кузатиб боришади. Сўровларга масъуллар кўп куттирмай жавоб қайтаришади, зарур тушунтириш беришади, шошилинчроқ ва жойида ҳал этиш имконияти бор муаммоларни тезкор бартараф қилиш чоралари кўрилади. Масалаларга ечим топилаётганини гуруҳда фуқаролар томонидан ора-сира қолдирилаётган “ишимиз битди, мутасаддиларга раҳмат” қабилидаги хабарлардан сезиш мумкин.
Бир қарашда ҳокимлик ва қуйи ташкилотлардаги катта-кичик мутасаддиларнинг бундай тутумини ўт ўчирувчиларнинг иш фаолиятига ўхшатиш мумкин. Муаммо пайдо бўлдими, ижрочилар худди ёнғин ўчирувчи гуруҳ каби сафарбар қилинади. Нима бўлганда ҳам, масъуллар одамлар мурожаатига ечим топишга ҳаракат қилишяпти – кимдир вазифасига масъулият билан, виждонан ёндашиб, яна бирови ёзишмаларни кузатиб бораётган ҳокимнинг “нега ишламаяпсан?” дея тергашидан қўрқиб. Бироқ мавжуд вазиятни кўриб ҳақли савол туғилади: хос ва мураккаб муаммоларни истисно қилганда, ҳудудлардан деярли ўхшаш масалаларда ҳар куни такрор-такрор мурожаатлар тушаётган экан, нега уларни тизимли равишда ҳал қилиш мумкин эмас?
Ёдингизда бўлса, жорий йил 13 март куни давлат раҳбари раислигида халқ мурожаатлари билан ишлаш тизимини янги даражага кўтариш ва жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилишга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилганди. Машваратда кун тартибидаги масала Қарши шаҳри тажрибаси мисолида тушунтирилиб, мутасаддиларга ҳудудларда шу амалиётни жорий этиш вазифаси юклатилди. Бундай ёндашувнинг моҳияти нимада?
Аввало, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари бирма-бир таҳлил этилиб, шу орқали ҳудудларда аниқланган долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммолар манзилли тарзда ҳал қилинади. Масалан, алимент мажбуриятини бажармаётган шахс устидан шикоят келди. Бу вазиятда қарздорнинг тўловни амалга оширмаётганлиги сабабларини ўрганиш керак. Агар у ишсиз бўлса, ҳудуддаги саноат ва сервис корхоналарининг бўш ўринларига жойлаштириш, борди-ю хорижда ишлаш истагини билдирса, уч томонлама шартнома (эр-хотин, МИБ ва бандлик органлари ўртасида) тузиб, хорижий тил ва касбга ўқитиш ҳамда чет давлатга ишлашга юбориш масаласи кўриб чиқилади. Қарабсизки, бир мурожаатни ўрганиш асносида унга боғлиқ бошқа муаммолар ҳам ечимини топади. Андижон тумани мисолида юқорида келтирилган, аслида, бошқа ҳудудларда ҳам кузатиш мумкин бўлган вазиятни ўзгартириш учун янгича ёндашув, хуллас.
Андижон вилоятида юқоридаги вазифалардан келиб чиқиб чора-тадбирлар белгиланди. Бу ҳақда халқ депутатлари шаҳар ва туман кенгашларининг қарорлари, қайсидир ҳудудларда ҳокимларнинг фармойишлари қабул қилинди. 2026 йил 8 май куни халқ депутатлари вилоят кенгашининг қарори ҳам эълон қилинди. Ҳужжатда вилоят ҳокимининг барча ўринбосарлари, вилоят ташкилотлари раҳбарлари ҳамда ҳудудий ҳокимлар зиммасига фаолият йўналишларига оид аҳоли мурожаатларини мунтазам равишда, шахсан назорат қилиш ва ижобий ҳал этиш чораларини кўриш, зарур бўлса, масалани жойига чиқиб ўрганиш, ҳафтада камида бир бор шахсий сайёр қабул ўтказиш, оммавий қабулларни биринчи галда арзу шикоятлар кўпайган ҳамда такрорий ва жамоавий мурожаатлар келиб тушаётган маҳаллаларда ташкил этиб бориш каби вазифалар юклатилди. Хўп маъқул тизим.
Аммо мана шу юмушлар бошида турадиган идоранинг ўзи қуйи ташкилот ва муассасаларга ўрнак бўлиш ўрнига юзлаб мурожаатларга беписанд муносабат билдирса, янги механизм ҳам иш берармикан?
Бундай кескин иддаога асос шуки, бир муддат аввал Президент халқ қабулхонаси аҳоли мурожаатлари билан ишлаш масаласини ўрганиб, 41 та вазирлик, идора ва ҳокимликлар томонидан жами 1070 та ҳолатда ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш муддатлари бузилганини аниқлабди. Оқибатда 36 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилган, яна 19 нафарининг меҳнат дафтарчалари қўлига тутқазилган. Мавзу доирасида энг кўп муддат бузган идоралар рўйхати ҳам эълон қилинган. Не дейсизки, тескари рейтингда Андижон вилояти ҳокимлиги “етакчи” бўлиб турибди. Яъни ҳокимлик мутасаддилари нақд 137 та мурожаатга вақтида жавоб қайтаришмаган. Бу рўйхатда Сурхондарё, Қашқадарё, Наманган вилояти, Тошкент шаҳри ҳокимликлари, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Оила ва хотин-қизлар ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмиталари ҳам бор.
Аслида, ташкилот ва муассасаларнинг фуқаролар билан муносабатларида қонун талабларига риоя этмаслик ҳолатлари тез-тез учраб туриши одатга айланиб қолди. Адлия вазирлиги яқин-яқингача “Қайси ташкилотда иш битиши қийин?” деган савол асосида давлат хизматлари кўрсатилиши билан боғлиқ қонунбузарликлар динамикасини жамоатчиликка эълон қилиб келаётганди. Масалан, 2025 йилнинг 1-ярми давомида давлат хизмати кўрсатиш соҳасида мамлакат бўйича 89 минг 782 та ҳолатда муддат бузилиши қайд этилган. Шунингдек, 23 минг 754 та мурожаат асоссиз рад этилгани, 814 та ариза бўйича ортиқча ҳужжат талаб қилингани аниқланган. Бу масалада “Ҳудудгазтаъминот”, Кадастр агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти энг кўп қонун бузган идоралар сифатида рўйхатдан жой олган.
Худди шу каби 2025 йилнинг 9 ойи якунлари бўйича ҳам сарҳисоб қилинганида, мурожаатгўйларнинг иши битиши қийин бўлган тўртта ташкилот қаторидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳам ўрин эгаллаган. Мазкур вазирликда ҳисобот даврида 15 минг 132 маротаба қонун бузилиши қайд этилган.
Бу ташкилотларда “Давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойилга ҳанузгача кўника олмаётган ходимлар сони ҳали кўп, дегани эмасми?
Келтирилаётган рақамлар жорий этилаётган тажрибалар қанчалик синовдан ўтган бўлмасин, асосий гап ижрочиларнинг феълию кайфиятига боғлиқ, деган муждани бермаяптими?
Эътибор беринг, шу йилнинг биринчи ярми давомида Андижон вилояти бўйича Президентга йўлланган мурожаатлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1 минг 40 тага кўпайиб, 37 минг 517 тани ташкил этган. Ҳолбуки, уларнинг аксарияти қуйи ҳудуднинг ўзида ечимини топиши мумкин бўлган масалалар.
Масалан, ижтимоий ҳимоя, мактабгача ва мактаб таълими, маҳаллалар уюшмаси, оила ва хотин-қизлар, ёшлар ишлари бошқармаларида, яъни вилоят аппаратларининг ўзида мурожаатларни ижобий ҳал қилиш даражаси 40 фоизга ҳам етмаган. Ҳолбуки, мутасаддилар ҳузурига арзу талаб билан келаётганлар ош ёки нон сўрашаётгани йўқ, бор-йўғи мазкур тузилмаларнинг ваколати доирасидаги масалалар бўйича эшик қоқишган, холос. Вилоят миқёсидаги беписандлик эса ўз-ўзидан қуйи тизимларга ҳам таъсир қилиб, мурожаатлар ижроси айрим ташкилотларда шунчаки ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Ўрик ўрикдан ранг олмайди, ким айта олади ахир?!
Яна юқоридаги саволга қайтсак: янгича тажриба жорий қилинса-да, ўзгариш сезилмаётган, энг ёмони, мурожаатлар муддатига бепарволик борасида вилоят ҳокимлигининг ўзи “байроқдор” бўлаётган экан, қандай йўл тутмоқ керак?
Бизнингча, иккита йўл бор. Андижон вилояти ҳокимининг шу йил 4 июлдаги тегишли қарори билан “Вилоят ҳокимлиги бошқарув аппарати, таркибий бўлинмалари ва тизим ташкилотлари, туман-шаҳар ҳокимликлари ва уларнинг тизим ташкилотларида давлат фуқаролик хизматчиларини ротация қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланган. Бизнингча, мана шу ҳужжатни ғаладонда сарғайтирмай, ижросини кенг кўламда тезлаштириш, ишни биринчи навбатда қарор имзоланган идоранинг ўзидан бошлаш керак. Кўп йил бир жойда ўрнашиб қолганидан иш жойини гўёки ўзининг шахсий корхонаси деб тасаввур қилувчи масъуллар вақти-вақти билан бошқа вазифага ўтказилмаса, давлат идораларининг халққа хизмат қилиши кераклиги ҳақидаги гап-сўзлар шиорларда қолиб кетаверади.
Қолаверса, ярим йил давомида вилоят бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун талабларини бузган 112 нафар масъулнинг бор-йўғи 1 нафари маъмурий жавобгарликка тортилиб, 4 нафари лавозимидан озод этилганлиги назорат органлари томонидан мутасаддиларга нисбатан “юмшоқ сиёсат” олиб борилаётганидан далолат. Йўқ, мурожаатга беписандлик қилганларнинг барчасини вазифасидан озод қилиш керак, демоқчи эмасмиз. Аксинча, маъмурий жавобгарликка тортиш кўламини кенгайтириш даркор. Масъулиятсизлиги учун маошидан бир бор жарима тўлаган мутасадди кейинги фаолиятида вазифасига жиддийроқ ёндашиши аниқ. Ёки вазиятни яхшилашнинг муаллифнинг хаёлига келмаган бошқа усуллари ҳам борми?
Нурилло Нўъмонов,
“Ishonch”




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0