+27C

+27C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Адлия ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирликлари диққатига!

«МЧС» НОМИНИ СОТАЁТГАН МЧЖЛАР ёхуд қонунларимиз айрим тадбиркорларнинг шундай тирикчилик қилишларига йўл беряптими?
24 13:40 | 06.09.2026 13:40

Ўт ўчирувчилар уйма-уй юриб, аҳолидан ўзларининг чўнтаги учун «солиқ» ундиришлари мумкинми? Бундан етти йил аввал – «Ishonch» газетасининг 2019 йил 13 июндаги сонида «Фавқулодда тўлов ... ҳақиқийми?» сарлавҳали мақола орқали шу саволга жавоб излаш асносида жиддий бир муаммо ҳамда унинг юзага келишига давлат идораларининг қонуний рухсати имкон бераётгани хусусидаги мунозаралар жамоатчилик эътиборига ҳавола этилганди.


Тасаввурингизни тиниқлаштириш учун мақолада тасвирланган масалани қисқача баён қилайлик. Ўша йиллари айрим тадбиркорлар «Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва қўриқлаш хизмати», «Фавқулодда вазиятларда фуқаро муҳофазаси», «Андижон водий сифат (?) ёнғинни олдини олиш», «Наманган ёнғиндан сақлаш», «Водий сифат ёнғинни (?) олдини олиш», «Ёнғинга қарши тезкор курашиш» каби номлар остида МЧЖлар ташкил этишиб, ходимлари маҳаллама-маҳалла кезиб, хонадонлардан йиғим ундиришни одатга айлантириб олишганди. Ундирув жараёнидаги механизм шундайки, соддароқ одамларга «МЧС»данмиз» дея давлат идораси номидан талаб қўйилади. Ҳақ-ҳуқуқини билган, савол беришни бошлайдиган ҳамюртларимизга эса фаолиятини тўлиқроқ таништириб, хизматини таклиф қилишади.


Хизматнинг моҳияти қуйидагича: сиз эшигингизни қоққан МЧЖ вакилига ихтиёрингизга кўра, икки томонлама шартнома асосида 30 минг ёки 50 минг сўм пул ўтказасиз. Шу санадан бошлаб бир йил давомида хонадонингизда бирор кор-ҳол рўй берса, дейлик, сел келса ёки ёнғин чиқса, МЧЖ сизга базавий ҳисоблаш миқдорининг 4,5 ёки 10 баравари миқдорида моддий ёрдам ажратади. Қисқаси, газетамиздаги ўша чиқишда ёввойи қўзиқориндай кўпайган бу каби фирмалар ходимларининг тутуруқсиз хатти-ҳаракатлари мисоллар асосида қаламга олинганди.


Хўш, танқидий мақола қандай акс-садо берди?


Ҳар ҳолда, қумга сингган сувдек изсиз кетмади. Аввалига мақола телевидениеда акс-садо берди. Яъниким «Ўзбекистон» телеканалининг «Муносабат» ток-шоуси ижодкорлари дастурнинг битта сонини мақолада кўтарилган мавзуга бағишлаб, очиқ муҳокамага дахлдор идоралар, хусусан, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мутахассисларини ҳам таклиф қилишди. Мулоқот жараёнида муаммо вазирлик вакилларини ҳам анчадан бери ташвишга солиб келаётган бўлса-да, тадбиркорлар фаолиятига аралашув мумкин эмаслигидан қўллари боғлангани маълум бўлди. Яна бир жиҳатки, гўёки «МЧС» соясида «пул йиғишга ихтисослашган» МЧЖ ва корхоналар сони биз ўйлагандай 15-20 та эмас, республика бўйича 700 дан зиёд экани аён бўлди.


Бу орада мақола юзасидан прокуратура органлари ҳам терговга қадар текширув ўтказди. Гарчи жиноят аломатлари топилмаган бўлса-да, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларининг суриштируви, телевидениенинг қўллаб-қувватлови, қолаверса, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг кенг тарғиботлари сабаб ҳужжатда қонуний, аммо амалиётда ноқонуний ва ғирром йўллар билан даромад қилаётган ўнлаб МЧЖлар таъсисчилари «эслари борида этакни ёпишди». Бугун очиқ манбалар орқали изласангиз, қаламга олинган қатор фирмалар аллақачон фаолиятини тўхтатганлиги кўриниб турибди.


Хўш, мақола яхшигина натижа бергач, етти йилдан сўнг мавзуга қайтишга не ҳожат?


Гап шундаки, бир неча йиллик сокинликдан сўнг ҳудудларда, жумладан, Андижонда айни турдаги «фаолият» яна жонланиб қолди. Маҳаллаларда фаол тарзда пул йиғиш билан шуғулланаётган йигит-қизлар сафи кенгаяётгани ҳақидаги гап-сўзлар тез-тез қулоққа чалиняпти. Яқинда ижтимоий тармоқда тарқаган суратлардан ана шундай тадбиркорлардан бири шоввоз ходимининг гувоҳномасига ҳеч тап тортмай «Ёнғин хавфсизлиги бўлими нозири» деб зарб уриб берганини кўриш мумкин. Гувоҳномага илова қилинган, «нусха кўчириш қатъиян ман этилиши» огоҳлантирилган паттада эса «табиий офатлар натижасида хонадонга етказилган зарарни қисман қоплаш учун икки томонлама шартномага асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача моддий ёрдам ажратилиши», бунинг учун фуқаро тўлайдиган маблағ миқдори 100 минг сўм эканлиги қайд этилган. Хуллас,ҳужжатда ихтиёрий, аслида эса ёнғин хавфсизлигини бартараф этишга масъул давлат идораси номини сотиб, пул йиғиш амалиёти. Дарҳақиқат, суриштирувларимиздан маълум бўлдики, Андижон вилоятининг


Жалақудуқ туманида тадбиркорлардан бири томонидан 2024 йилда «Ёнғин хавфсизлиги бўлими» номи остида масъулияти чекланган жамият ташкил этилган.


Қизиғи шундаки, очиқ маълумотлар базаларидан айни пайтда номида «Ёнғин» сўзи иштирок этган 100 дан ортиқ субъект борлигини кўриш мумкин. Қонун билан ниқобланган, аслида одамларни алдаб, чув туширувчи, ғирром фаолиятга асосланган бу каби тадбиркорлик субъектлари урчиб кетишининг олди нега олинмаяпти?


Қонунга кўра, фирма номлари адаштириб юбориш даражасида бир хил бўлиши мумкин эмас. Шундай экан, Адлия вазирлиги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олувчи давлат хизматлари марказларида нега мана шу жиҳатга чеклов қўя олмайди?


Қолаверса, хат-ҳужжатни яхши тушунадиган бирор ким астойдил суриштирса, пул ундирувчи уддабуронлар тақдим этаётган патталарда қайд этилган келишув шартлари – фавқулодда ҳолатларда зиённи қоплаш учун моддий кўмак ажратиш билан боғлиқ жиҳат моҳиятан суғурта компаниялари фаолиятига монанд. Шундай экан, суғурта хизмати кўрсатиш билан боғлиқ лицензияси бўлмаса-да, МЧЖларнинг йўналишлари ва низоми нима учун рўйхатдан ўтказиб бериляпти?


Мана шу икки саволнинг жавоби жиддий ўйланиб, амалий чора-тадбирлар кўрилсагина, бели оғримай пул топиш учун одамларнинг «кўзини ўйиб» олишга ҳам тайёр «тадбиркор»ларнинг фаолиятини тизимли равишда чеклаш мумкин.



Нурилло НЎЪМОНОВ


«ISHONCH»


Ishonch” газетасининг 2026 йил 5 сентябрь, 109-сонидан олинди




Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид