+23C

+23C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

37 йилда икки баробар кўпайиш: рўйхатга олиш натижалари нимадан дарак бермоқда?

Куни кеча аҳолини рўйхатга олиш бўйича расмий натижалар эълон қилинди. Рўйхатга олишнинг дастлабки натижаларига кўра, Ўзбекистон аҳолиси сони 39 047 321 нафарни ташкил этди. Жорий статистик ҳисоб-китоблар бўйича ушбу кўрсаткич 38 236 704 нафар эди. Фарқ 810,6 минг нафарни ташкил қилди. Шунингдек, аҳоли сони 1989 йилдаги рўйхатга олиш натижаларига нисбатан 2 баробарга ошгани маълум қилинди. Шубҳасиз. Ўзбекистон Марказий Осиёда аҳоли сони бўйича яққол лидер бўлиб қолмоқда. Хўш, аҳолининг ёшлиги ва кўплиги мамлакатга қандай имкониятлар тақдим этади?
79 15:32 | 02.07.2026 15:32

Ўзбек халқи азалдан болажон бўлсада, туғилиш бўйича рекордлар ва ўсишнинг асосий қисми сўнгги ўн йилликларга тўғри келмоқда. 2016 йилларгача бироз пасайиш кузатилди ва яна вазият яхшиланди. Ҳозирга келиб, аҳолининг 60 фоиздан ошиғи ёшлар саналади ва меҳнатга лаёқатлилар улушида ҳам Ўзбекистон ўзга хос имкониятларга эга. Энг аввало, демографик ўсиш меҳнат бозоридаги кадрлар етишмовчилигини ҳал қилади ва ишчи кучига талабни қондиради. Маълумотларга кўра, ҳар йили 800 мингдан ошиқ ёшлар меҳнат бозорига кириб келади. Яъни Ўзбекистон инсон капитали борасида беқиёс имкониятларга эга. Мамлакатда яқин йилларда ҳам ривожланган давлатларга ишчи кучи экспорт қилиш учун кучли потенциал мавжуд.


Аҳолининг тез кўпайиб бориши ресурслар борасида муаммоларни вужудга келтирсада, иқтисодий жиҳатдан ижобий омил саналади. Масалан, аҳоли сони қисқариб бораётган Европа, Хитой, Япония ва бошқа ҳудудларда қатор муаммолар бўй кўрсатмоқда. Улар табиий туғилиш пастлиги сабаб ишчи кучига бўлган талабни миграция орқали қондиришга мажбур ва бу қатор ноқулайликлар тақдим этади. Ёки ўзбек мигрантлари учун ҳалиям муҳим бўлиб қолаётган Россия кадрлар етишмаслиги борасида кучли муаммоларга дуч келди. Россия Меҳнат вазирлиги ва Иқтисодий ривожланиш вазирлиги баҳолашларига кўра, иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлаш учун мамлакатга ҳозирда 3 миллиондан 4 миллионгача қўшимча ишчи керак.


Мамлакатда ишсизлик даражаси тарихий минимумга – қарийб 2,4-2,6% га тушиб кетган. Бу “деярли ҳамма банд” дегани эмас, балки бозорда бўш ишчи кучининг ўзи қолмаганини англатади. Ташкилотларнинг 80-85 фоизи ишчи етишмовчилиги муаммосида жабр чекмоқда. Бу муаммолар алал оқибатда иқтисодиётнинг бир жойда депсиниб қолиши, корхоналар инқирози ва бошқа оқибатларни вужудга келтиради.


Ёки иқтисодий жиҳатдан ривожланган Японияни олайлик. Японлар нафақат туғилиш камлиги, балки аҳолининг қариши каби жиддий муаммо қаршисида қолди. Кўчмас мулк бозорида савдолар тушиб кетди, пенсия ва тиббий суғурта харажатлари кескин ошган, солиқ тўловчилар (ёшлар) сони эса кам. Шу сабабли Япония дунёдаги энг катта давлат қарзига эга мамлакатлардан биридир (ЯИМга нисбатан 260%+).


Ўзбекистонга эса юқоридаги муаммолар бегона. Бизда миллионлаб меҳнаткаш ва бақувват қўллар бор, фақат уларни иш билан таъминлайдиган ақлли тадбиркорлик лойиҳалари кўпайтирилса бас.


Рўйхатга олишнинг энг эътиборга молик томонларидан бири аҳолининг миллий таркиби, ўзбек тилида гапирувчилар улуши ва хорижга кетганлар сони бўлди. Аҳолининг 34,9 миллиони ёки қарийб 90 фоизи ўзини ўзбек дея ҳисоблашини айтган. Иккинчи ўринда тожиклар (1,2 млндан ошиқ), кейинги ўринларда қорақалпоқ ва қозоқлар (ҳар бири 700-800 минг киши атрофида) жойлашган. Балки рақамларда бироз тафовут ва янглишмовчиликлар бўлиши мумкин, аммо ҳақиқатда реал картина бундан ўзгача эмас. Чунки Ўзбекистонни тарк этаётганлар ичида бошқа миллат вакиллари кўпроқ, шунингдек, ўзбеклар орасида табиий кўпайиш юқори.


Статистик маълумотларга кўра, мустақиллик йиллари давомида энг кўп Россия ва Қозоғистонга кўчиб кетиш ҳолатлари кузатилган. Умуман олганда собиқ совет давлатларида титул миллатларнинг кўпайиши (айримлари масалан Россиядан ташқари) кузатилмоқда. Масалан, аср бошида Қозоғистон аҳолисининг 50 фоизини ташкил этган қозоқлар бугун қарийб 70 фоизга етди. Яна бир қизиқ томони, Ўзбекистон аҳолисининг 91 фоизи ўз сўзлашув тилини ўзбекча дея кўрсатган. Бу ҳам муҳим фактор саналади.


Миллий статистика тақдим этган яна бир маълумот таҳлил қилишга арзийди: аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирининг дастлабки натижаларига кўра, рўйхатга олиш санасида доимий яшаш жойида вақтинча бўлмаган аҳоли сони қарийб 2,1 млн нафарни ташкил этди. Шундан 1 366 730 нафари ёки 65,4 фоизи эркаклар, 724 223 нафари ёки 34,6 фоизи аёллар ҳиссасига тўғри келган. Улардан 1,6 миллион ишлаш мақсадида, 329 минг киши эса ўқиш мақсадида кетган.


Албатта, бу рақамлар Ўзбекистон аҳолисининг фақат 2 миллиондан ошиғи хорижда экан деган статистикани акс эттирмайди. Масалан, рўйхатга олиш қиш фаслида амалга оширилди. Ушбу фаслда Россия ва бошқа ўлкаларда вақтинча ишловчи аҳоли Ўзбекистонга қайтиб келади. Ёки рўйхатда акс этмаганлар, хорижда ноқонуний бўлиб турганлар ва бошқаларни қўшсак, рақамлар сони янада ошса керак. Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ватандошларимиз сони, албатта бироз баҳслидек кўринади.


Нима бўлганда ҳам рўйхатга олиш натижаларини ижобий ва кўнгилли десак бўлади. Аҳолининг кўпайиб боришидан ижобий фойдаланиш тараққиётга сабаб бўлади. Масалан, аҳолининг кўплиги ва айниқса, инсон капиталининг тўғри шакллантирилиши Хитойнинг “иқтисодий мўъжизаси” ва дунёнинг иккинчи рақамли иқтисодиётига айланишидаги энг асосий драйвер бўлган. Миллионлаб қишлоқ аҳолиси шаҳарларга, саноат зоналарига оқиб келди. Бу трансмиллий компаниялар (Apple, Nike, заводи бор барча йирик брендлар) учун арзон ишчи кучи базасини яратди. Инсон ресурсининг кўплиги Хитойга жуда қисқа вақт ичида глобал ишлаб чиқариш марказига айланиш имконини берди. Мамлакат STEM (фан, технология, муҳандислик ва математика) соҳаларига урғу берди. Бугунги кунда Хитой йилига дунёда энг кўп муҳандис ва IT- мутахассисларини етиштириб чиқараётган давлатдир. Хитой тараққиёт йўли аҳолиси кўпайиб бораётган ва ёш давлат Ўзбекистонга яхши ўрнак бўла олади.



Аброр ЗОҲИДОВ,


Ishonch.uz



Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид