Норасмий бандлик ва ноаниқ рақамлар: аслида вазият қандай?
Ўзбекистон каби мамлакатлар учун иш ўринлари яратиш ва ишсизликка қарши кураш масаласи долзарб. Чунки демографик ўсиш суръати юқори, меҳнатга лаёқатли аҳоли сони ортиб бормоқда. Ҳар йили меҳнат бозорига 700-800 минг ёш кириб келяпти. Расмий статистика мамлакатда минглаб иш ўринлари яратилаётгани, ишсизлик даражаси пасайиб бораётгани ҳақида бонг уради. Масалан, ҳозирда республикада ишсизлик даражаси 4,9 фоиз атрофида. Аммо иш билан таъминланганларнинг катта қисми норасмий ишламоқда (улар солиқ тўламайди). 2025 йилда ишсизлик кўрсаткичи 5 фоиздан юқори эди. Хўш, Ўзбекистонда бандлик, иш билан таъминлаш борасидаги вазият қандай?
Республикада миллионлаб кишилар норасмий банд аҳоли саналади. Норасмий бандлик — бу расмий меҳнат шартномасига эга бўлмаган, солиқ органларида ҳисобда турмайдиган ва амалдаги қонунчиликка мувофиқ расмий равишда расмийлаштирилмаган ҳар қандай меҳнат фаолияти саналади. Бюджет ёки хусусий корхоналарда штат асосида ишлайдиган ходимлардан фарқли ўлароқ, норасмий банд бўлган шахсларнинг меҳнати ҳимоя қилинмайди. Пенсия жамғармасига мажбурий бадаллар тўланмагани сабабли, кексалик ёшига етганда минимал пенсияни олиш ёки умуман пенсияга чиқишда муаммолар келиб чиқиши мумкин.
Норасмий бандлик бўйича рақамларга эътибор қиладиган бўлсак, вазият бироз мураккаб. Блогер Отабек Бакиров расмий ва норасмий ишлаётганлар статистикасидаги тафовут ва тушунарсиз рақамларга эътибор қаратган. Маълум бўлишича, Ўзбекистонда иш билан банд аҳолининг 48 фоизи солиқ тўламасдан норасмий ишламоқда. Бу ҳақда 30 июль куни Тошкент шаҳрида ўтган мулоқотда Фискал таҳлиллар институти бўлим бошлиғи Учқун Абдуғаниев маълум қилган. “Энди бу рақамларни бир йил аввал очиқлаган маълумотлар билан солиштирамиз. Ўшанда 15,4 миллион иқтисодий фаол аҳолидан 8 миллион расмий банд (55%), 4,8 миллиони эса норасмий банд (33%) экани маълум қилинган (Бандлик вазирлиги бу ҳақда инфографика эълон қилган). Бир йил ичида расмий бандлик камайиб, норасмий бандлик ошган бўлиши мумкинку дейишингиз мумкин. Лекин режа бўйича 2025 йилда 5,2 миллион бандлик таъминланиши айтилган бўлсада, бандлик режаси 5,4 миллион этиб бажарилганди! Қайси омиллар таъсирида норасмий бандлик ошиб, расмий бандлик камайган? Жумбоқ”, дея таъкидлайди иқтисодчи-блогер.
Мана шу фактларнинг ўзи Ўзбекистонда янги иш ўринлари яратиш, расмий ва норасмий иш ўринлари бўйича чалкашликларни кўрсатади. Қисқа қилиб айтганда, масъул ташкилотлар статистика ортидан қувиши оқибатида турли тушунмовчиликлар пайдо бўлмоқда.
Масалан, ўзини ўзи банд қилиш тушунчаси бор. Маҳалла орқали 10 млн сўм миқдорида (энг кам миқдор) кредит олмоқчи бўлган фуқаро ҳам ўзини ўзи банд қилган шахс мақомини олади. У бунинг учун 400 минг сўмдан ошиқ тўлов тўлайди. Ҳозирда ўзини ўзи банд қилиш билан боғлиқ 72 та фаолият тури мавжуд. Ўзбекистонда расмий статистика маълумотларига кўра, ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг сони жадал суръатлар билан ошиб, 5,5 миллион нафардан ошган. Солиқ қўмитаси тақдим этган кўрсаткичларга кўра, бу борадаги асосий тафсилотлар қуйидагича: фуқаролар энг кўп маиший хизматлар кўрсатиш (2,2 миллиондан ортиқ), қишлоқ хўжалиги (1,5 миллионга яқин) ҳамда йўловчи ташиш (такси) соҳаларида фаолият юритмоқда. Шунингдек, ҳунармандчилик, саноат, IT ва ижтимоий соҳаларда ҳам ўзини ўзи банд қилганлар сони сезиларли даражада кўпайган. Рўйхатдан ўтганларнинг тахминан 58 фоизини эркаклар, 42 фоизини эса аёллар ташкил этади. Бу кўрсаткич бўйича Самарқанд вилояти, Тошкент шаҳри, Тошкент ва Қашқадарё вилоятлари етакчилик қилмоқда.
Демак, баҳсли туюлмасин, 10 млн сўм кредит олиб, иккита қўй сотиб олган инсон ҳам иш билан таъминланган ҳисобланяпти. Кредит берган банк, фаоллари эса иш ўрни яратганлигини даъво қилмоқда. Натижада ушбу сонларнинг ҳаммаси йиғилиб, юқоридаги шубҳали рақамларни ҳосил бўлаётир.
Яна бир маълумот: норасмий банд бўлганлар солиқ тўламайди. Бу энг муҳим омиллардан бири саналади. Солиқ тўламайдиган миллион кишилар бу давлат учун анчагина катта муаммо саналади. Фискал таҳлиллар институти бўлим бошлиғи Учқун Абдуғаниевнинг ҳисоб-китобларга асосланиб айтишича, мамлакатда 1 миллион фуқаронинг расмий бандликка ўтказилиши бюджетида қўшимча 3 триллион сўмгача солиқ тушуми келтиради. “Бу маблағ эвазига 480 ўринли 100 та мактаб қуриш мумкин”, дея таъкидлайди мутахассис.
Бундай вазиятда қандай йўл тутиш керак, деган савол туғилади. Маълумки, йирик иқтисодиётга эга капиталистик давлатларда норасмий бандликка қарши кучли таъсир чоралари мавжуд, солиқ тўламасдан фаолият олиб борган шахслар айрим ҳолатларда жиноий жавобгарликка ҳам тортилиши мумкин.
Кўпгина хорижий давлатларда (масалан, Европа Иттифоқи мамлакатлари, АҚШ, Жанубий Корея) иш берувчига ходимни шартномасиз ёки норасмий ишлатгани учун жуда катта миқдорда молиявий жарималар белгиланади. Ҳатто айрим ҳолатларда жиноий жавобгарликка тортиш амалиёти ҳам бор. Кўплаб мамлакатлар норасмий сектордаги кичик бизнес ёки ўзини ўзи банд қилган шахслар учун солиқ ставкаларини кескин камайтиради ёки уларни рўйхатдан ўтишни осонлаштирувчи рақамли платформалар (масалан, махсус мобил иловалар) билан таъминлайди. Давлатлар норасмий бандликнинг салбий оқибатларини тушунтириб, расмий ишлаш орқали пенсия, тиббий суғурта ва ишсизлик нафақасига эга бўлиш мумкинлигини тарғиб қилади. Ўзбекистон ҳам аста-секин норасмий сектор улушини камайтириб, расмий ва солиқ тўлайдиган тизим вакилларини кўпайтириб бориши зарур. Албатта, бунда кескин ва “шок терапия” усулидаги йўлдан боришни тавсия этмаймиз. Чунки бундай усул иқтисодиётга фойдадан кўра кўпроқ зарар келтириши мумкин.
Бандлик вазирлиги, Солиқ қўмитаси каби ташкилотлар мазкур масала бўйича ягона платформа тузиб, чуқур таҳлил ва текширувдан ўтган маълумотларни эълон қилиб бориши мақсадга мувофиқ. Масалан, аввалроқ Ўзбекистонда 2026 йилда 1 млн норасмий иш ўринларини легаллаштириш режалаштирилгани ҳақида хабар берилган. Бу президентнинг февраль ойидаги 2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартиришга қаратилган қарорида кўзда тутилган. Йил охирига қадар 1 млн иш ўрнини расмий секторга ўтказиш вазифаси қўйилган, бунда масъул давлат органлари учун ҳудудлар кесимида мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланган. Хусусан, Солиқ қўмитаси 460 минг иш ўрнини легаллаштириши керак. Яна 125 мингта иш ўрни Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳиссасига тўғри келади.
Бироқ, йилнинг етти ойи якунланди, тегишли ташкилотлар мазкур масалада кетаётган ишлар бўйича жамоатчиликка маълумот берганича йўқ. Бу мазкур муҳим масалада ишлар оқсаётгани, жамоатчиликка фақат қуруқ ва ялтироқ рақамлар тақдим этилаётгани, ҳисобдорлик йўқолаётганидан дарак бермайдими?
Аброр Зоҳидов




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0