Қишлоқ хўжалигида янги босқич: “Агробанк” рақамли ва инновацион ечимларни амалиётга жорий этмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 13 мартдаги ПҚ-99-сонли “Қишлоқ хўжалигида замонавий технологияларни жорий қилишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида “Агробанк” акциядорлик тижорат банки томонидан кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнларга бағишланган матбуот анжуманида банк раҳбарияти, соҳавий экспертлар, фермер ва деҳқонлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, ушбу қарор агросоҳада хизмат кўрсатиш тизимини тубдан янгилаш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш ва илғор халқаро тажрибаларни татбиқ қилиш орқали соҳани янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.
— Мазкур қарорга мувофиқ, 2026 йил учун банк олдига аниқ мақсадлар қўйилган. Жумладан, 25 триллион сўмлик қўшимча молиявий ресурсларни жалб қилиш, ҳар бир ҳудудда “Агрохизматлар” зоналарини ташкил этиш, қишлоқ хўжалигида 10 та стартап лойиҳани амалга ошириш ҳамда фермерларни билим платформалари орқали кенг қамраб олиш вазифалари белгиланган. Шу билан бирга, банк фаолиятини трансформация қилиш доирасида “Agro Ventures” тузилмаси ташкил этилмоқда, Big Data ва сунъий интеллект технологиялари жорий қилинмоқда–дейди “Агробанк” Бошқаруви раиси ўринбосари Бунёд Гулямов.
Унинг сўзларига кўра, “Агробанк” энди фақат молиявий хизмат кўрсатувчи муассаса эмас, балки фермерларга комплекс хизмат тақдим этувчи экотизимга айланмоқда. Хусусан, агрохизмат зоналари орқали молиявий хизматлар билан бир қаторда агрономик маслаҳатлар, ресурс тежовчи технологиялар ва замонавий ечимлар тақдим этилади.
Рақамли трансформация ва агрозамин Business
Матбуот анжуманида алоҳида урғу берилган йўналишлардан бири — рақамли ечимлар жорий қилиниши бўлди. Жумладан, AgroZamin Business иловаси қишлоқ хўжалигида рақамли трансформациянинг муҳим элементи сифатида тақдим этилди. Таъкидланганидек, мазкур илова оддий масофавий банк хизмати эмас. У учта асосий йўналишни қамраб олади:
— молиявий хизматлар (онлайн кредит, депозит, суғурта, бухгалтерия),
— сунъий интеллект асосидаги аграр ечимлар,
— фермерлар учун бепул таълим платформаси.
Илова орқали фермерлар ер майдонларини космик тасвирлар асосида кузатиши, суғориш бўйича тавсиялар олиши, зарарланган ҳудудларни аниқлаши ҳамда хавфлар ҳақида олдиндан огоҳлантиришлар қабул қилиши мумкин.
Бу эса анъанавий бюрократик жараёнларни кескин қисқартириб, вақт ва ресурсларни тежаш имконини беради.
Мониторинг ва сунъий интеллект имкониятлари
Қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш стратегиясининг яна бир муҳим бўғини — 24/7 режимида ишловчи мониторинг марказидир. У орқали республика бўйлаб 1,3 миллион гектар ер майдонидаги ҳолат реал вақт режимида кузатилади.Бу тизим фермерлар учун тезкор ва аниқ маълумот, банк учун самарали риск бошқаруви,
умумий ҳисобда эса озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш имкониятини яратади.
Шунингдек, “Ўзбеккосмос” агентлиги билан ҳамкорликда экин майдонларини космик мониторинг қилиш йўлга қўйилган бўлиб, бу ҳосилдорликни баҳолаш ва прогноз қилишда юқори аниқликни таъминлайди.
Тез орада Жиззах вилоятида боғдорчилик ва Сирдарё вилоятида чорвачилик йўналишларида сунъий интеллектга асосланган пилот лойиҳалар амалга оширилади.
Агрохизматлар фермерлар учун янги имкониятлар маркази
— Жорий йил якунига қадар барча ҳудудларда агрохизмат зоналари ташкил этилади. Ушбу зоналар фермерлар учун комплекс хизматлар марказига айланади,–дейди Стратегия ва трансформация мажмуаси раҳбари Улуғбек Файзуллаев. –Бунда рақамли хизматлар, агрономик маслаҳатлар,“Фермерлар мактаби” ва “Сувчилар мактаби” лойиҳалари, космик мониторинг хизматлари тақдим этилади.
Шунингдек, ҳар йили камида 10 минг фермер “Сувчилар мактаби” орқали ўқитилиши, “Фермерлар мактаби” платформаси орқали эса 15 мингдан ортиқ фойдаланувчи қамраб олиниши режалаштирилган.
Стартаплар ва халқаро ҳамкорлик
“Агробанк” ташаббуси билан ташкил этилган “Agro Ventures” венчур компанияси орқали инновацион ғояларни молиялаштириш, акселерация ва тижоратлаштириш жараёнлари йўлга қўйилмоқда.Бундан ташқари Жаҳон банки билан молиялаштириш тизимини такомиллаштириш, Осиё тараққиёт банки билан риск бошқаруви ва ESG тамойилларини жорий этиш, хорижий университетлар билан таълим дастурлари ташкил этиш каби йўналишларда ҳамкорликлар кенгаймоқда.
Тўлиқ рақамлашган кредит тизими
Матбуот анжуманида молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳам алоҳида қайд этилди. Хусусан, аҳоли хонадонлари ва деҳқон хўжаликларига мевачиликни ривожлантириш учун 18 фоиз ставкада, 24 ойлик имтиёзли давр билан 84 ойгача муддатга кредитлар ажратилиши белгиланган.
— Ҳозирда кредитлаш жараёнлари 75 фоизга рақамлаштирилган. 2026 йилда бу жараён тўлиқ автоматлаштирилади. Шунингдек, Big Data асосида фермерларга оид барча маълумотлар ягона платформага жамланиб, қарор қабул қилиш жараёнлари янада тезлаштирилади,–дейди Бизнес ва чакана маҳсулотлар йўналиши раҳбари Ҳумоюнмирзо Бекмуродов.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, мазкур ислоҳотлар натижасида қишлоқ хўжалигида молиявий хизматлар ва амалий сервисларни бирлаштирган ягона тизим шаклланади. Агрохизмат инфратузилмаси ривожланиб, инновацион лойиҳалар қўллаб-қувватланади ва рақамли технологиялар кенг жорий этилади.
Бу эса ўз навбатида агросоҳани янги босқичга олиб чиқиш, фермер ва тадбиркорлар учун қулай, шаффоф ва самарали муҳит яратишга хизмат қилади.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0